O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши ва халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда кўчмас мулкни ҳимоя қилишга қаратилган амалдаги қонунлар бўла туриб, вилоятда бузилган уй-жойлар учун компенсация масалаларини ўз вақтида амалга оширилишида лоқайд масъуллар томонидан юз бераётган қонун бузилиш ҳолатлари кўпгина норозиликларга олиб келаётганлиги қайд этилди. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш яъни “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқаришда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги таъкидланди.

Йиғилишда Қашқадарё вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича масъул ходим Ғофур Сулаймоновнинг ҳисоботи тингланди.

- Бугунги кунда вилоятимизда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, маҳаллалар, кўча ва йўллар бугунги меъморчилик талабларига мослаштирилмоқда. Шу боис, фуқаролар ва юридик шахсларга тегишли бўлган уй-жойлар, бинолар, ёрдамчи бинолар ва боғ деворларининг бир қисмини бузиб олишга тўғри келмоқда. Бу борадаги ишлар эса Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 97-сонли қарорига асосан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида олиб борилмоқда, – дейди Ғ.Сулаймонов.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур Низом асосида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида 1020 та уй-жойлар бузиб олинган ва ҳеч қандай муаммолар туғилмаган. Лекин туман марказларида бўлаётган амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳали-ҳануз ишга эскича ёндашиш, фуқароларнинг фикрларини инобатга олмасдан, лозим бўлса, куч ишлатиб, давлат сиёсатини амалга ошириб келаётган ҳокимлик мутасаддилари жараён билан боғлиқ қонун ҳужжатларини тўлиқ англаб етмаганликларини кўрсатмоқда.

Йиғилишда депутатлар Яккабоғ тумани “Эски Яккабоғ” қўрғончаси ҳудудида содир бўлган ноҳуш ҳолатларни қайталанмаслиги борасида ўз муносабатларини билдириб ўтдилар.

“Йиғилишда Давлат активларини бошқариш бошқармасининг ўтган давр давомидаги ҳисоботи билан танишдик, – дейди халқ вакили А.Мўминов. – Ҳисоботда келтирилишича, 269 та ер участкалари туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқариш бўйича қарор қабул қилинмаган. Мана муаммо қаерда, маҳаллий ҳокимликларнинг бу борадаги лоқайдликлари натижасида, тадбиркорлар оғзаки тарзда келишувга эришиб, тадбиркорлигини йўлга қўймоқда. Бу нотўғри. Мени таклифим, тадбиркорларга қонун доирасида бўш ётган бинолар “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали ажратилсин. Шу билан бирга, қурилиш лойиҳалари энг камида эллик йилга мўлжаллаб ишлаб чиқилсин. Чунки эртага Яккабоғ туманида содир бўлган ноҳуш ҳолатлар яна қайта такрорланмайди, деб ким кафолат бера олади”.

Йиғилишда партия фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

08-08-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея