Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3981-сонли қарорига асосан 2019 йилда Қарши шаҳар худудидаги 60 мингдан ортиқ аҳоли истеъмолчиларини Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (АСКУЭ русчада) ўтиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақида 24 июль 2019 йил “Афсона” меҳмонхонасининг конференциялар залида “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги 4249-сонли қарори моҳияти ҳамда “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан электр таъминотини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Ўзбекэнерго» АЖ қуйидагилар орқали Электр энергетика тармоғининг ишончли фаолият юритишини таъминламасдан туриб иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат ҳудудларининг саноат салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга эришиб бўлмайди.

Замонавий шароитларда электр энергетика тармоғида рақобат муҳитини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш соҳасидаги фаолиятнинг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурлигини тақозо этмоқда.

2019−2021 йилларда электр энергетика тармоғи рақамлаштирилади.

Қарорга мувофиқ 2020−2030 йилларда мамлакатнинг ёқилғи-энергетика таъминоти концепцияси ишлаб чиқилади.

Энергетика вазирлигининг «Қишлоқэнерголойиҳа» АЖ негизида 0,4 кВдан 500 кВгача кучланишли барча типдаги электр тармоқларини лойиҳалаштирадиган «Ўзэнергоинжинеринг» АЖ лойиҳа ташкилоти ташкил этилди.

2019 йил 1 июлдан:

қуввати 10 МВтдан кўпроқ энергия истеъмол қиладиган корхоналарни қуриш ва ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилингунга қадар республика ҳудудларида жойлаштириш Энергетика вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади;

хусусий ишлаб чиқарувчилардан электр энергияни харид қилиш танлов асосида ҳосил қилинаётган электр энергиянинг максимал қиймати кўрсатилган ҳолда амалга оширилади.

“Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан истеъмолчиларнинг электр таъминотини янада яхшилашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13-14 декабрдаги ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган “Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган чора тадбирлар тўғрисида”ги йиғилиш баёнининг 90-бандида белгиланган жами 730 км электр тармоқлари ва 230 дона трансформатор пунктлари реконструкция ва модернизация қилиниши ва 1960 км узунликдаги  электр тармоқлари ва 655 дона трансформатор пунктларини мукаммал таъмирланиши режалаштирилган бўлиб хозирги кунда 426,2 км электр тармоқлари ва 151 дона трансформатор пунктлари реконструкция ва модернизация қилинди, 1565,5 км узунликдаги  электр тармоқлари ва 521 дона трансформатор пунктларини  мукаммал таъмирланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларга мўлжалланган паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2661-сон Қарорига асосан 128,1 км  узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 73 дона  трансформатор пунктида янги қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисидаги ПФ-5386-сон Фармони ҳамда 2019 йил 20 февралдаги ““Обод қишлоқ” дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича  қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4201-сонли Қарорига асосан  282,9 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 53 дона трансформатор пунктида янги қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. Шунингдек, 406,4 км тармоқлар ва 220 дона трансформатор пункти мукаммал таъмирланди.

Худди шундай Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил  27 июндаги ““Обод маҳалла” дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари тўғрисида”ги ПҚ-3812-сон Қарорига асосан 7,4 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 3 дона трансформатор пунктида янги қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. 22,3 км электр узатиш тармоқлари ва 20 дона трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланди.

Қашқадарё вилоятида қурилаётган намунавий уй-жойлар, хокимият раҳбарлари хизмат уйлари, профилактика инспекторлари, Миллий гвардия ходимлари ва ИИВ хизмат уйлари ҳамда ёш оилалар учун уйлар ва шаҳарлардаги арзонлаштирилган кўп қаватли уй-жойлар электр таъминоти учун жами 7,7 км электр узатиш тармоқлари ва 22 дона трансформатор пункти янгидан қурилди.

Иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа муассасаларини 2019/2020 йилларда куз-қиш мавсумида барқарор ишлашига тайёрлаш юзасидан амалга оширилган ишлар юзасидан 1565,5 км узунликдаги 0,4-110 кВ электр узатиш тармоқлари  ва 521 дона трансформатор пункти  мукаммал таъмирланди. 

Шунингдек, жамият томонидан электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш ва тарғибот қилиш ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали доимий чиқишлар ташкил қилинмоқда.

Ўтказилган матбуот анжумани жараёнида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига етарлича жавоблар  олишди.

 

                                           Суратларни Мурод Комилов олган.

                                           Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

25-07-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея