2019 йил 14 сентябрь куни  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтиб, унда асосан иккита масала кўриб чиқилди. Биринчиси  “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқиш масаласидир.  Маълумки  бу ташкилот  2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимига мувофиқ ташкил этилган. Ҳозирги вақтда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ТДҲК) аъзолари саналади. Ташкилот таркиби туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллари кенгаши ва Котибиятдан ташкил топган. Котибият Истанбул шаҳрида (Туркия Республикаси) жойлашган.

Қонуннинг муҳокамаси вақтида сенаторлар Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик чуқурлашиб бораётганлигини қайд этиб, унга Ўзбекистонни аъзо бўлиб кириши муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек Ташкилотга аъзо бўлиш товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланиши, молия ва банк операцияларини соддалаштиришга қулай шарт-шароит яратади. Шу сабабли қонун  сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар томонидан “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қўшма қарорини тасдиқлаш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Сенат аъзолари бу масала  халқимиз учун долзарб ва ўта муҳим эканлигини алоҳида  таъкидладилар. Дабдабали тўй ва маросимларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига асосан сенаторлар ва депутатлар фуқаролар йиғинлари фаоллари томонидан  тушунтириш тадбирлари ўтказилган бўлсада, бу  соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолганлиги кўрсатиб ўтилди.

Сенаторлар  бундай ҳолатларга барҳам бериш, аҳоли, айниқса, ёшларда бу масаланинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўғри тушунча ҳосил қилиш мақсадида қатъий чоралар кўриш муҳим эканлигини таъкидлашди. “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор 59 сенаторнинг овози билан қабул қилинди. Шунингдек, қарор билан тўй ва маъракаларни ташкил этиш билан боғлиқ Низом ҳам тасдиқланди. 

Мазкур Низом талабларига кўра оилавий тадбирлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин. Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно.

Низомга асосан оилавий тадбирларни ўтказишда қуйидаги талабларга риоя этиш шарт: Биринчидан,  тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши керак. Иккинчидан, никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлмаган енгил автомашинада ўтказилиши керак.

Учинчидан, оилавий тадбирларда (дафн этиш маросимидан ташқари) пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Тўй эгаларининг шахсий автомашиналари ва ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларига нисбатан бу тартиб қўлланмайди. Тўртинчидан, шуҳратпарастликдабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик шарт. Бешинчидан, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш керак.

Шунингдек, оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилади. Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди. Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “ҳайит”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга ҳам йўл қўйилмайди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш ҳаммамизга боғлиқ. Зеро, бу борада Қонунчилик палатаси депутати Азамат Зиё Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қўшма мажлисида фикр бидириб қўйидагиларни билдирган: “Бизни яхши ташаббусларимиз доим кўп бўлган, лекин энг катта камчилигимиз қоғозда қолиб кетган. Қонунларимизнинг ва қабул қилган қарорларимизнинг ишламаслигида. Бунақа йиғилишларда ҳаммамиз бир-биримизни қўллаймизда чиққанимизданг кейин кўпчиликни эсидан чиқиб кетади. Холбуки ўша бир йил олдинги Сенатнинг ва маҳаллий кенгашларнинг бошлаган ишлари ёмон эмасди. Фақат биз уюшмаган миллат бўлганимиз учун ҳал қилолмадик.”

Низом талабларига риоя қилиш юзасидан назорат олиб бориш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари зиммасига юклатилди. Шу ўринда савол тўғилади нега жадид боболаримизни бу борадаги ишлари якунланмай қолган? Зеро, Абдурауф Фитрат ўзининг “Оила” асарида тўй-маркага оид муаммоларга батафсил тўхталган. Абдулла Авлоний “Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг!” деган чақириқ билан чиққан. 1917 йилда Мунаввар қори Абдурашидхонов раҳбарлигида маърифатпарварлар “Шўройи ислом”нинг тўй-ҳашамлар, маърака ва маросимлар, оилавий тадбирларни ортиқча сарф-харажатсиз ўтказиш юзасидан қарор қабул қилган. Нега бу чора-тадбирларнинг натижаси кам бўлган?  Низом фақат тавсиявий характерга эга бўлиб қолмайдими? Низом талабларини бузганларга қандай чоралар кўрилади? Мазкур низом юзасидан келгусида албатта кўплаб фикр-мулоҳазалар бўлади ва саволлар тўғилади. Назаримизда низомга риоя этишда зиёлилар, амалдорлар, мулкдорлар, уламолар ва давлат хизматчилари ўрнак бўлмоғи керак.

Абдишукур Омонов,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари.

19-09-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея