Коррупция - тараққиёт кушандаси

Ҳар қандай давлат коррупцияга қарши кескин курашмас экан, истиқболи сўроқ остида қолади. Шунга мувофиқ, ўз тараққиёт йўлини қатъий белгилаб олган мамлакат сиёсатида ушбу йўналиш устувор аҳамият касб этади. Хусусан, юртимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши муросасиз кураш кечмоқда. Бироқ, шунга қарамай, ҳамон жамиятда ноқонуний "олди-берди"лар учраб тургани ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, коррупцияга қарши кураш бир зум ҳам тўхтамайди, унинг самарали усуллари, таъсирчан чоралари ишлаб чиқилаверади. Президентнинг 2019 йил 27 майдаги "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ана шу борада қўйилган кейинги муҳим қадам бўлди.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида эълон қилинган ушбу ҳужжатга асосан 2018-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури, республика идоралараро комиссияси таркиби тасдиқланди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лар халқ депутатлари Кенгашлари таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этиш тавсия этилди. Бунга қадар эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилган эди.

Шунингдек, фармонда суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, давлат хизматчиларини танлаш, лавозимга қўйишда танлов ва шаффофлик тизимини шакллантириш, улар даромадларини декларация қилишни жорий этиш, давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг ҳисобдорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш орқали уларни коррупцияга қарши курашга жалб қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари эканлиги таъкидланди. Давлат органлари ва комиссияларнинг вазифалари белгилаб берилди.

Хўш, коррупция ўзи нима? Унинг илдизлари қаерга бориб тақалади? Коррупцияга қарши минг йиллардан буён кечаётган курашда нега ғолиб ҳам, мағлуб ҳам йўқ?

Маълумки, "коррупция" тушунчаси лотин тилидаги "corruptio" сўзидан келиб чиққан бўлиб, мазмуни "бузиш, сотиб олиш", яъни "ҳокимиятни бузиш, чиритиш орқали сотиб олиш" деган маънони беради. Демак, коррупция - мансабдор шахслар ҳамда давлат хизматчилари томонидан ўзига берилган ваколат ва ҳуқуқлардан шахсий ёки яқин кишиларининг манфаатларини кўзлаб, қонунчиликда белгиланган қоидаларга зид равишда фойдаланишни ифодалайди. У давлат ва жамият бошқаруви, тараққиётига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилиши, тенгсизлик ва адолатсизликка олиб келади.

Француз мутафаккири Шарль Монтескье ҳокимият ваколатига эга шахс уни суиистеъмол қилишга   мойил бўлишини, қадимги юнон файласуфи Аристотель эса мансабдор шахслардаги бу мойилликни давлатдаги мавжуд қонунлар орқали тийиб туриш зарурлигини уқтиради.

Бу борада Қуръони каримда    "Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар", Библияда  "Совға қабул қилма, у совға сенинг кўзингни кўр қилиб, тўғри иш кўришинга халал беради", дейилган экан.

Демак, коррупция бугун пайдо бўлиб қолган унсур эмас. Унга қарши кураш тизими ҳам қандай натижа берганидан қатъий назар азалдан ишлаб келган. Масалан, манбаларда қайд этилишича, Бобил давлати ҳукмдори Хаммурапи бошчилигида ишлаб чиқилган қонунлар коррупцияга қарши курашни назарда тутган энг қадимий ҳужжатдир. 

Тарихчи Геродотнинг ёзиб қолдиришича, форс шоҳи Камбис II даврида пора олган Сисамн исмли қироллик қозиси териси тириклайин шилиб олинади.

Замонлар ўтди, мамлакатлар бошқаруви тизими, давлатчилик шакллари,  қонун-қоидалар ўзгариб борди. Не ажабки, коррупция ҳамон яшаб келаяпти. Шунга таяниб фикрласак,  назаримда коррупция ва коррупцияга қарши кураш абадий давом этади. Энг муҳими, бунда унинг таъсирини давлат ва жамият бошқарувида камайтиришга эришишдир.

Тарихий манбалар ва халқ оғзаки ижодида айрим давлатлар амалдорлари ҳамда дин пешволарининг ўзлари коррупция тепасида турганлиги ҳақидаги маълумотлар учрайди. Натижада эл-улус қашшоқлашган, бошқарувдаги адолатсизликдан норозилик оқими юзага келиб, қанча империя ва давлатлар инқирозга юз тутган. СССР, Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари тақдири бунга яққол мисол бўла олади.

Мутахассислар таҳлилларига кўра, ҳар қандай давлатда коррупция қуйидаги омиллар таъсирига учрайди:

мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазият, қонунлар ва қонун ости ҳужжатларининг барқарор бўлиши;

фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳволи ҳамда маънавияти, ҳуқуқий саводхонлик даражаси;

фуқароларнинг давлат бошқарувида сайловлар тизими орқали иштирок этиши, уларнинг депутатга, депутатнинг эса давлат органларига реал таъсири, ижро ҳокимияти ва маъмурий органларнинг сайлаб қўйиладиган органлар олдидаги ҳисобдорлик даражаси;

давлатнинг жамият ва иқтисодиётни бошқаришга аралашиш даражаси;

қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг бир-бирини реал равишда тийиб туриш даражаси;

қонунларнинг бевосита ишлаши;

турли хил маъно англатувчи ва бир-бирига зид келувчи қонунлар мавжудлиги, қонунлардан қонун ости ҳужжатларининг устунлик касб этиши;

давлат хизматчиларини танлаш ва лавозимга қўйишда одиллик, танлов ва шаффофлик тизимининг мавжудлиги;

давлат хизматчиларининг лавозим вазифаси ва тадбиркорлик   фаолиятини ўзаро қўшиб олиб бориши;

лавозимдаги фаолияти бир-бирига боғлиқ давлат хизматчилари   ўртасидаги қариндош-уруғчилик;

давлат хизматчиларининг жиноятчилик олами билан бирлашиб кетиши ёки унинг таъсирига тушиб қолиши;

давлат хизматчилари даромади, улар ва оила аъзоларининг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий ҳимояланганлик даражаси; 

давлат идораларининг очиқлиги ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги.

Мулоҳаза қилсак, коррупцияга қарши курашнинг самарали кечиши юқорида баён қилинган омилларга ҳар жиҳатдан боғлиқ. Уларнинг ҳаётда акс этишига қараб, жамиятда коррупция ҳолатлари камайиши ҳам, аксинча, урчиб кетиши ҳам мумкин.   

Умуман, коррупция ҳолатлари жаҳондаги, хоҳ у катта ёки кичик, хоҳ  бой ёки камбағал бўлсин, барча давлатларда учраса-да, хавфлилик даражаси турлича бўлади. "Transparency InternationaI" ҳалқаро ташкилотининг жорий йилдаги маълумотига қараганда, Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш соҳасида сезиларли натижаларга эришаётган бўлса-да, бу борада ҳамон жаҳоннинг 180 та мамлакати орасида 158-ўринда туради.

Демак, бу иллатга қарши курашиш борасида ҳали қилишимиз зарур бўлган ишлар бисёр ва шу фикрга ҳамоҳанг амалий саъй-ҳаракатлар бир зум тўхтаб қолган эмас. Айниқса, мамлакатимизда сўнгги йилларда коррупцияга қарши кураш янада жонлантирилди. Хусусан, 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. 2017 йил 2 февралда Президент "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди.

2019 йил 27 майдаги фармон асосида коррупцияга қарши кураш соҳасида юзага келган муҳим ўзгаришлар шундан иборатки, 2017 йил 2 февралдаги қарор билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси раиси этиб тасдиқланган бўлса, энди ушбу комиссияга Олий Мажлиси Сенати раиси раҳбарлик қилади. Иккинчидан, ўша қарор билан 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланган бўлса, фармон билан 2019-2020 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланди. Учинчидан, фармонда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари раислигида Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия тузилди. Тўртинчидан, коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссиялар халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашларида ҳам тузиладиган бўлди. Бешинчидан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари кенгайтирилди.

Энди энг муҳими, коррупцияга қарши кураш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси тўкис таъминланишига эришишдир. Бу - адолатли, инсонпарвар ҳуқуқий демократик давлатда яшашни истовчи барча фуқароларнинг биргаликдаги вазифаси. Демак, ҳаммаси ўзимизга боғлиқ.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги  юридик хизмат раҳбари

 Qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

12-06-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея