“Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти томонидан вилоятимиз истеъмолчиларининг электр таъминотини янада яхшилашга қаратилган амалий тадбирлар билан бир қаторда истеъмолчиларга электр энергетикаси соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва янгиликларни етказиб боришга ҳам кенг аҳамият берилмоқда. Корхона раҳбарияти томонидан жойларга чиқиб халқ билан учрашувлар йўлга қўйилган бўлиб, туман ва шаҳарларда истеъмолчилар билан электр таъминоти юзасидан мулоқотлар ўтказилмоқда. Жумладан, июль ойида жамият раҳбари ва вилоят ташкилотлари мутасадди ходимлари иштирокида Қарши, Нишон туманлари ҳамда Қарши шаҳри маҳаллаларига ташрифлар амалга оширилиб, аҳоли билан электр энергияси тарифларини оптималлаштириш юзасидан суҳбатлар ўтказилди. Аҳоли хонадонларидаги мавжуд муаммоларни ўрганиш жараёнларида аҳолининг кам таъминланган қатламидахлдор масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, энерготежамкор технологиялардан фойдаланиш, электр энергияси беҳуда сарф бўлишининг олдини олиш юзасидан тегишли тавсиялар берилиб, тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Маълумки, ҳозирги замонда электр энергиясисиз кундалик турмушимизни ва мамлакатнинг жадал иқтисодий ривожланишини тасаввур этиш қийин. Аҳоли сони ортиб, яшаш ҳудудлари кенгайиши, халқимизнинг турмуш даражасининг ўсиб бораётганлиги, иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги ўсиш суръатлари табиий равишда электр энергиясига бўлган талаб ошиб боришига олиб келмоқда. Ушбу талабни қондириш учун янги қувватларни ишга тушириш, қўшимча электр тармоқлари барпо этиш зарур бўлади. Шу билан бир қаторда мавжуд электр тармоқлари ва қурилмаларининг аксарият қисми узоқ йиллар мобайнида фойдаланиб келиниб, ҳозирги кунда уларни янгилаш, замонавий технологияларни қўллаш зарурати юзага келмоқда. Бу эса ўз навбатида истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб бериш имконини яратади. Бундан ташқари электр энергиясининг амалдаги тарифлари ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва сотиш билан боғлиқ харажатларни ўзида тўла мужассам этмаганлиги тармоқ корхоналарининг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиб, таъминотни яхшилашга қаратилган янги лойиҳаларни амалга оширишда, электр энергетикаси корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда қийинчиликлар туғдирмоқда.

Шунга кўра ҳозирги кунда ҳукумат томонидан амалдаги электр энергияси тарифларини оптималлаштириш кўзда тутилмоқда. Аҳамиятлиси, киритилаётган ўзгаришларда аҳоли истеъмолчилари учун сезиларли даражада бўлмаслиги назарда тутилган бўлиб, бир оиланинг ўртача истеъмоли миқдоридан келиб чиқадиган бўлсак, бу бир ойда ўртача 6-7 минг сўм атрофида қўшимча тўлов бўлиши мумкин.

           “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти

 

18-07-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея