Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рузиев Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар” боғида фуқаролар билан навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.    

Тадбирда вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари, сектор раҳбарлари, вилоят корхона, ташкилот, муассаса ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирок этди. Сайёр қабулда аҳолининг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди.

Қарши шаҳар Буюк Турон маҳалласида истиқомат қилаётган Бибинур Жуманова оиласини неча йилдирки бир муаммо қийнаб келади. Турмуш ўртоғи оламдан ўтгач, рўзғорни амаллаб тебратаётган опанинг уй жойга эҳтиёжи бор. Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев билан бўлиб ўтган сайёр қабулда оилага ер ажратилишини сўраб, мурожаат билан чиқди. Муаммони обдон эшитган вилоят раҳбари нафақат бу оилага уй жой ажратиш балки даромад топиши учун имконият яратиш масаласида ёрдам берди. 

....ҳақиқат бор экан, мана... вилоят раҳбари биз каби эҳтиёжмандларни, мурожаат билан борган фуқароларни шу куни эринмай тинглади. Муҳими менинг мурожаатимга ечим топилгани бўлди. Саломатлигимни тиклашим, даволанишим учун ҳамда ёрдам берадиган бўлишди. Раҳмат.

Айтиш керак, аксарият мурожаатларнинг мавзуси уй жой, йўл қурилиши, нафақа тайинлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли кредитлар олиш, иш билан таъминлаш каби масалаларни қамраб олди. Бу галги сайёр қабулда 88 нафар фуқаро томонидан 115 та масала ўртага ташланди. Ўтказилган сайёр қабул давомида нафақат бир шахс муаммоси билан боғлиқ мурожаатлар кузатилди, балки умумманфаатига хизмат қилувчи муаммолар билан мурожаат этилди. Тез фурсатда ҳал бўладиган масалаларга шу ернинг ўзида барҳам берилди. Мутасаддиларга ўрганиш ва ечим топиш учун вазифалар топширилди.

Муҳими, қабулда худди Бибинур Жуманова сингари ўз муаммосига ечим топган ва кўнглидаги тугунлари тарқаб уйига отланган фуқаролар бисёр бўлди. Энди ўйланг, дарди ариган одам қалбидан ишонч пайдо бўлади, яъни яхши яшашга, меҳнат қилишга ва бўлаётган воқеаларга нисбатан дахлдор бўлишга.

Вилоят  ҳокимлиги  ахборот   хизмати.

Суратларни Мурод Комилов олган.

05-08-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея