Китоб туманидаги Макрид кенгликлари ҳудудида Xитой давлати корхонасининг юз фоизлик сармояси асосида цемент ишлаб чиқариш заводи қурилишига тамал тоши қўйилди.

Заводнинг тамал тоши қўйилиши маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев қатнашди ва цемент ишлаб чиқариш линиясининг ишга туширилишини тантанали равишда эълон қилди.

“Энг замонавий  технологияларни олиб келиб, ўзимизга зарур бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бугунги куннинг долзарб  масалаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, улкан қурилиш ишлари жадаллик билан давом этаётган юртимиз  учун бу заводнинг бунёд этилиши муҳим аҳамият касб этади. Цемент қиммат қурилиш хом ашёси бўлиб, ушбу йирик заводда  биринчи даражали технология ва маълум миқдорда кам сарф-харажат эвазига тайёрланадиган кўп миқдорда цемент сифатли ҳамда нисбатан арзон  ишлаб чиқарилиши билан ҳам аҳамиятлидир”, деди ўз сўзида вилоят ҳокими.

Завод бош директорининг ўринбосари Zhao Weiqang, Ўзбекистон-Хитой Савдо Палатаси Бош котиби Iiuyu ва бошқа бир қанча меҳмонлар ҳам сўзга чиқиб, иқтисодий ривожлантириш йўлида ҳамкорликда амалга оширилаётган кенг кўламли хайрли ишларга муваффақиятлар тилашди.

Шундан сўнг таклиф этилган нуфузли  меҳмонлар рамзий тамал тоши қўйилиши  амалини бажаришди.

Бир кунда 3200 тонна, бир йилда  1 500 000 тонна клинкер ва цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлаган ушбу заводга хитойлик  ишбилармонлар томонидан қарийб 200 миллион АҚШ долларилик сармоя киритилди. Цемент заводи  қуриб битказилиб ишга тушса 500 нафар киши иш билан банд бўлиб, қурилиш бунёдкорлик ишлари учун юқори сифатли цемент етказиб  берилишга эришилади.

Маълумот ўрнида, ушбу завод Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида цемент заводини қуришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори асосида бунёд этилди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

21-10-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея