14 июнь - Бутунжаҳон донорлар куни

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, барча давлатларда қонга бўлган эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш учун ҳар 1000 кишига 40-60 нафардан донор тўғри келиши лозим. Мамлакатимизда эса бу кўрсаткич ҳозирча 4-5 нафарни ташкил этади, холос. Айнан шу боис  бугун беғараз донорлар сафини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг изчиллигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Тиббиётда маълумки, қон, унинг компонентлари ва препаратлари (плазма, эритроцитлар, тромбоцитлар, альбумин ва иммуноглобулинлар) инсон ҳаёти хавф остида қолганда қуйилади.  Шунингдек, қон тизими касалликларида (оғир даражали камқонликларда, лейкоз, яъни "оққон" хасталигида, қон ивиш тизими бузилиши касалликлари, яъни, гемофилия касаллиги, коагулопатиялар), саратон касалликларида, патологияли оғир кечадиган туғруқларда, операцияларда, оғир даражали куйишларда ва турли хил фавқулоддаги ҳолатларда асқатади. Бундай ҳолатда керакли миқдордаги қонни топиш учун соғлом инсонларни доимий, беғараз қон донорлигига жалб этиш лозим.

Биринчи бўлиб қон гуруҳларини аниқлаган олим Карл Ландштейнер  шарафига у туғилган сана - 14 июнда нишонланадиган  Бутунжаҳон донорлар куни донорлар, шунингдек, улар хизматидан фойдаланувчилар учун байрам. Бу куни бутун дунёда, ўзидаги энг қимматли нарсаси - ўз қонини  беғараз топширувчи инсонлар қадрланади.

- Тиббиёт соҳаси тобора ривожланиб бораётгани сайин шифо масканларида кўплаб мураккаб операциялар амалга оширилмоқда, - дейди  вилоят қон хизмати маркази қон ва қон маҳсулотлари тайёрлаш бўлими бошлиғи Малик Нуриев. - Жарроҳлик амалиётини муваффақиятли бажариш учун эса, табиийки, кўп миқдорда қон керак. Шу сабабли марказимизда топширилган қон аввало муайян тартиб-қоидаларга риоя этилган ҳолда, махсус жиҳозланган хоналарда олинади. Уни топширишдан аввал донор шифокор назорати, тиббий кўрик ва мутахассис суҳбатидан ўтказилади. Шундан сўнг у донорликка лойиқ, деб топилса, қон топшириши мумкин. Қон бериш инсон саломатлиги учун жуда фойдали амалиёт саналади. Яъни донорлик гипертония хасталигининг олдини олиш ва даволаш, организмда моддалар алмашинувини яхшилаш ҳамда иммун тизимини   мустаҳкамлашга сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатади.

Дарҳақиқат, қон топширишнинг фойдаси, ижтимоий аҳамияти кенг тарғиб қилиниши ортидан донорлар сони ҳам ортиб бормоқда. Вилоятимизда 2017 йилда 8600 нафар донор қон топширган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилда 10 минг 700  нафарни ташкил этди. 2018 йилда вилоят қон хизмати маркази III даражали қон  қўйиш маркази номини олди.

- Бизда бир йилда 25 минг нафар донордан қон олиш ва уни қайта ишлаш имконияти мавжуд бўлиб, вилоятимиз туманларида 19 та қон қуйиш бўлимлари фаолият кўрсатмоқда, - дейди Малик Нуриев. - Марказимизда қон олиш, қон тайёрлаш ва уни беморларга қуйишнинг замонавий тизими яратилган бўлиб, бу иш энг замонавий технологиялар ёрдамида, малакали мутахассислар томонидан амалга оширилади. 

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 40 фоизи камқонликдан азият чекмоқда. Мана шундай инсонларга озгина бўлса-да ёрдам кўрсатиш  мақсадида ҳар йили июнь - беғараз донорлик ойи деб эълон қилинади. Мазкур ойликда барча соғлом инсонлар беғараз донорлар сафига қўшилиб, қонга муҳтож беморлар ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга фавқулодда ҳолатлар учун қон захирасини ташкил қилишга ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин. Чунки мазкур тадбир чоғида тайёрланган қон маҳсулотлари шифохоналарда даволанаётган ва ҳаёти хавф остида қолган оғир беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ажратилади.

Ҳар йилги анъанага мувофиқ, мамлакатимизда бу йилги Бутунжаҳон донорлар куни "Ҳамма учун хавфсиз қон" шиори остида ўтказилмоқда. Хусусан, шу куни жойларда ушбу санага бағишланган илмий-амалий анжуманлар, маданий-маърифий тадбирлар, форум ва мулоқотлар ўтказилади. Булардан кўзланган асосий мақсад, саховатпеша юртдошларимизнинг эзгулик йўлидаги хайрли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёшларимизда инсонийликка хос гўзал фазилатларни қарор топтиришдир.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ  олган суратлар.

Qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

 

12-06-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея