Қашқадарёлик шифокорлар энди Ставрополда малака оширишади ва ҳамкорликда инновацион, юқори технологияли  жарроҳлик амалиётларини бажаришади. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази  ва Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ставрополь давлат тиббиёт университети  ўртасида  ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шу мақсадда, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи Тўлқин Расулов ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вилоят ҳудудий бўлинмаси раиси Шоира Набиева жорий йилнинг 23-28 сентябрь кунлари мазкур университетда бўлишди. 

- Меморандумга асосан шифокорлар малакасини ошириш  жараёнида сифат ва самарадорликни таъминлаш, бу борада Ставрополь давлат тиббиёт  университети  профессор-педагоглари томонидан вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида сайёр ўқув курсларини ўтказиш, шунингдек, режали равишда инновацион,  юқори технологияли  жарроҳлик амалиётларини  бажариш, тиббиёт олий ўқув юртларини битирувчи ёшлар малакасини Ставрополда  клиник ординатура ва магистратура йўналишларида ошириш, мутахассис шифокорлар  томонидан илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, ҳамкорликда  илмий–амалий конференциялар ҳамда давра суҳбатлари ўтказиш белгиланди, - дейди Тўлқин Расулов. - Буларнинг барчаси вилоят аҳолисига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини оширишга олиб келади. 

Жорий йилнинг сўнгги чораги давомида марказ томонидан невропатолог, нефролог, оториноларинголог, хирург-лапороскопист врач мутахассисларни малака оширишга юбориш ва келгуси йилнинг биринчи чорагида Қаршида сайёр цикл ташкил этиш мўлжалланмоқда.

 Аҳрор СОДИҚОВ, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

 

03-10-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея