Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида хорижлик малакали мутахассислар иштирокида “Репродуктив саломатликнинг замонавий йўналишлари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

“Мамлакатимиздак туб янгиланишларни аввало ижтимоий ҳаётимизнинг энг муҳим йўналишлари бўлмиш тинчлик ва осойишталикни сақлаш ҳамда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишдан бошлаганимиз бежиз эмас, – деб қайд этди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган Табригида.  – Чунки тинчлик ва соғлиқ  бу ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъматдир”.

 “Репродуктив саломатликнинг замонавий йўналишлари” мавзусида ўтказилган илмий-амалий анжуман мана шу буюк неъматни, айниқса оналар ва болалар саломатлигини асраш борасида амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифаларни малакали мутахассислар иштирокида муҳокома қилиб, муаммолар ечимини биргаликда излаш имкониятини яратди.

–Кейинги йилларда вилоятда айниқса оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасига эътибор янада кучайтирилди, – дейди анжуманни кириш сўзи билан очган вилоят хотин-қизлар қўмитасининг раиси, вилоят ҳокимининг ўринбосари Махсуда Мустафоева. – Ҳозирги кунда туғиш ёшидаги аёллар 849 801, болалар 1 122 151 нафарни ташкил этади. Кечагина Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида туғма юрак пороги билан ҳисобда турган болалардан 3 нафарида юқори технологияли жарроҳлик амалиёти муваффақиятли тарзда амалга оширилди. Бу вилоятимиз тиббиётида улкан аҳамиятга молик муваффақият бўлди.

2019 йилда вилоятнинг барча шаҳар ва туман кўп тармоқли поликлиникаларида аёллар маслаҳатгоҳлари, қизлар саломатлик марказлари, перенатал скрининг марказларининг ташкил этилиши туфайли аҳолига бу борада ҳар томонлама қулайликлар яратилди.

Президентимизнинг 2019 йил 8 ноябрдаги “Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида”ги қарори  бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган улуғвор ўзгаришларни янги босқичга кўтариши шубҳасиз.

Анжуманда Россиядан, республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент Тиббиёт академияси, Республика перенатал маркази, Бухоро тиббиёт институти, Фарғона вилояти перенатал марказидан келган малакали профессор, эксперт ва илмий ходимлар, шунингдек воҳамиз мутахассислари ўз репродуктив саломатликнинг замонавий йўналишларига доир маърузалари билан иштирок этишди.

Айниқса, Россия илмий академияси эксперти, акушерлик ва гинекология кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Г.Б.Диккенинг маърузалари иштирокчиларнинг катта қизиқишларига сабаб бўлди.

 

ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ БОШҚАРМАСИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

25-11-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея