Ассалому алайкум, азиз ўғил-қизларим!

Ҳурматли талабалар.

Талабалик кезларимизда ёзувчи Ғайбулла ас Саломнинг “Толибнома” номли асари жуда машҳур бўлган эди. Илми толиб - талаба бўлишнинг гашти, масъулияти ҳамда шартлари ҳақида гап кетар экан, мен вилоят раҳбари сифатида сизга даъват этиб айтаманки, илми толиб бўлиш бу талабалик даврининг мазмунини ташкил қилади.

Талаба сўзининг ўзаги ҳам талабдан ташкил топган.

Яъни илмга талаб, келажак манзилларнинг аниқ ва мустаҳкам бўлиши учун талаб, изланиш, ҳаракатдан иборат.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам “Ким ёр анга илм толиби, илм керак” дея ёзадилар.

Азиз ёшлар, ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Мамлакатимизда бугунги таълим соҳасида жорий этилган имтиёз ва имкониятлар ҳақида соатлаб сўзлаш мумкин.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев президентликка киришган кунлариданоқ мамлакатимиз таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшларнинг дунёқарашини илғор замонавий билимлар билан бойитиш ишига эътибор қаратдилар. Хусусан, мактаб таълим тизимида 11 йиллик умумий ўрта таълим қайта жорий этилди.

Вилоятларда янги олий таълим муассасалари, илмий ва ижодий марказлар фаолияти йўлга қўйилди. Олий ўқув юртларига қабул квоталари кескин оширилди. Сиртқи ва кечки, масофавий таълим шакллари ташкил этилди.

Энг асосийси, ижтимоий соҳа ходимлари, талабалар ҳар қандай мавсумий қишлоқ хўжалик ишлари тадбирларидан озод этилди.

Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда ёшларнинг олий таълим қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизгача ўсди. Ўзбекистонда олий ўқув юртлари сони 77 тадан 199 тага етди, қабул квоталари 3,5 бараварга ортди.

2021 йилдан ОТМларга кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилди.

Халқаро тил билиш даражаси сертификатларини қўлга киритиш имтиҳонларда максимал баллнинг камида 75 фоизини тўплаган ёшларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилмоқда.

Университет ва институт, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун, илк маротаба, 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш амалиёти жорий қилинди. Олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қайтариш шартисиз тўлаб берилмоқда.

Бугунги учрашув мулоқотларни ташкил этишдан кўзланган мақсадимиз ҳам яратилаётган имконият, имтиёз ва шарт-шароитлар ҳақида маълумот бериш билан бирга, вилоятимиз олий таълим масканларида республикамизнинг барча ҳудудларидан келиб таҳсил олаётган талаба ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг келажак орзулари, мақсад ва интилишларини яқиндан билиш, зарур бўлганда ёрдам бериш, йўл кўрсатишдан иборат.

Азиз ёшлар!  

Бугун вилоятнинг отахон олий таълим масканларидан бири Қарши давлат университетида сиз билан учрашиб турибмиз. Бундан қарийб 78 йил муқаддам мазкур таълим даргоҳи ташкил этилган.

Бу илм даргоҳининг, бу ердаги ўқитувчи, зиёлиларнинг босиб ўтган йўли - жуда салмоқли. Қанчадан қанча буюк инсонларнинг қадами етган, фаолият олиб борган маскан.

Биз уларнинг бошлаб берган ишларини давом эттириш билан бирга, олий таълим даргоҳининг нуфузини, илмий салоҳиятини юксалтириш йўлида масъул эканимизни таъкидламоқчиман.

Профессор ўқитувчилар, талабалар бу юксак вазифани ҳар дақиқа ҳис этгани ҳолда университет мақомини ошириш, уни нафақат республика, Ўрта Осиёда, ҳатто жаҳонда саноқли бўлган таълим даргоҳларининг сафида бўлиши учун ҳар қачонгиданда кўп меҳнат қилишимиз, изланишимиз кераклиги давр тақозо этмоқда. 

Ўзгариш ва янгиликлар хусусида сўз юритар эканмиз, университети тузилмасида сўнгги 3 йил ичида факультет ва кафедралар сони қарийиб 2 бараварга, талабалар контингенти қарийб 4 мартага ошди.

Муҳтарам Президентимиз ташаббусига кўра, университет таркибида тиббиёт факультетининг фаолияти йўлга қўйилди.

Айни кунда сиғими 1500 ўрин бўлган ўқув биносида 21,8 млрд сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилди.

Натижада тиббиёт, кимё-биология, география ва агрономия, тарих ва иқтисодиёт факультетлари барча қулайликларга эга замонавий лабораториялар билан жиҳозланган ўқув биносига кўчирилди.

Лойиҳа қиймати 39 млрд сўмлик 1000 ўринли ўқув биносининг қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

2020 йилда университетдаги мавжуд талабалар турар жойининг қуввати умумий эҳтиёжнинг атиги 33 % қоплаган бўлса, бугунга келиб, Республика олий ўқув юртлари ичида биринчилардан бўлиб, талабалар турар жойига бўлган эҳтиёж 100 фоизга қопланди.

Масалан, бугун ҳам лойиҳа қиймати 18 млрд сўмлик барча замонавий шарт-шароитларга эга 600 ўринли ётоқхона фойдаланишга топширилди. 

Ўтган ойда вилоятнинг маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 150 нафар талаба хотин-қизларга 1 млрд. сўмлик шартнома пуллари тўлаб бериш ҳақидаги қарор қабул қилдик.

Жумладан, Қарши давлат университетида таълим олаётган 59 нафар хотин-қизларнинг шартнома пуллари тўлаб берилди.

Жорий йилда вилоят бўйича “Ёшлар дафтари” га киритилган 5 247 нафар олий таълим муассасалари талабаларининг 11,5 млрд.сўмлик, университетда таҳсил олаётган 595 нафар талабаларга 1,6 млрд сўм миқдоридаги тўлов-шартнома маблағлари тўланди.

Шунингдек, университетнинг 1491 нафар талабаларига ҳар бир ой учун 150 000 сўмдан жами 224 млн сўмлик ижара тўловлари қопланди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан ёшлар учун бу каби имкониятлар яратиб берилмаганида, мен бугун Сизларга бу рақамларни чиқиб айта олмас эдим.

Қадрли ёшлар!

Ҳурматли юртбошимиз ҳар бир чиқишларида, замонавий таълим тизимини жорий этиш, малакали, жаҳон бозорида рақабатбардош кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратиб, бизнинг давлат сифатидаги нуфузимизни белгиловчи куч эканини қайта-қайта таъкидлайдилар.

Олий таълимда яқин икки йилдирки, янгича тизим ташкил этилди. Талабаларнинг бандлигини таъминлаш масаласи кун тартибига чиқди.

Назарияни амалиёт бирга олиб бориш, қанчалик кутилган самарасини беришини Президентимиз кўп бора таъкидлаб айтадилар ва талабаларнинг ишлаши бўйича ҳам алоҳида кўрсатмалар бериб келадилар.

Қарши давлат университетида ҳам 124 нафар талаба университетдаги мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилди. Университет қошидаги “Чевар қизлар” тикувчилик цехида 20 нафар талаба иш билан таъминланди.

41 нафар талаба университет ҳудудида жойлашган савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарига ишга жалб қилиш орқали бандлиги таъминланган.

Юқорида қатор маълумотларни келтириб ўтдим, университетда яратилган шарт-шароитлар, талаба ёшларнинг салоҳиятини ошириш масаласи - доимий эътиборда экани кўриниб турибди.

Шу ўринда, ҳурматли Президентимизнинг даъватларидан бирини келтириб ўтсам: Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда.

Бу интилишлар улкан амалий ишларга айланиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб бормоқда. Бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт, катта шарафдир.

Азиз ёшлар, ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Фурсатдан фойдаланиб, вилоятда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш бўйича олдимизда турган бир қатор вазифалар бўйича тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчи йўналиш - ёшлар, хусусан, олий таълим муассасалари битирувчиларини бандлигини таъминлаш асосий устувор масаламиз бўлиб қолади.

Жумладан, Қарши давлат университетини келгуси йилда тамомлаётган 4300 нафардан ортиқ битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласини бугундан бошлашимиз шарт.

Бу борада университет ва халқ таълими тизими, мактабгача таълим тизимининг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш вақти келди.

Қайси мактаб ёки боғчада, корхонада қанча бўш ўрни бор, уни қайси битирувчи банд қилади, буни аниқ билишимиз керак.

Муҳтарам Президентимиз томонидан, бугун жамиятда энг ҳурматли инсон ўқитувчи бўлади, деган ғоя изчил жорий қилинмоқда.

Ҳудуддан ҳудудга қатнаб ишловчи ўқитувчилар учун алоҳида имтиёзлар жорий қилинган. Бугун орамизда 8-10 млн сўм маош олаётган ўқитувчиларнинг сони тобора ортиб бормоқда.

Биз бу ҳақида талаба ёшларга кенгроқ тушунтиришимиз ва маълумот беришимиз керак.

Бу борада Қашқадарёнинг ўзига хос тажрибасини яратамиз. Ҳудудларга бориб ишловчи, эҳтиёж бор бўлган ўринни тўлдирган  ўқитувчилар учун вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан алоҳида рағбат тизими, вилоят ҳокими совринини эълон қиламиз.

Иккинчи йўналиш – ёшлар, хусусан, талабаларнинг илм-фан, маданият, санъат, спорт соҳаларидаги ташаббускорлари қўллаб-қувватланади. Бу борада, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтидаги ёшлар ташаббусидан келиб чиқиб, иқтидорли талабалар учун “Вилоят ҳокими” стипендияси жорий этилади.

Учинчи йўналиш – ёшларимизни замонавий касбларга ўқитиш, уларни ўз-ўзини банд қилиш фаолиятини рағбатлантириш бўйича шарт-шароитлар яратиш зарур.

Бу борада вилоятда бир қатор ишларни аллақачон бошлаганмиз.

Хусусан, маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ ажратган ҳолда, Қарши шаҳри ва Китоб туманида замонавий IT Марказлари қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Келгуси йилда ушбу марказлар камида 1000 нафар ёшларимизни дастурлаш, ахборот технологиялари соҳалари бўйича қайта ўқитиб беради.

Тўртинчи йўналиш - хорижий тилларни мукаммал ўргатиш ва бир нечта тилларни билган ёшларни қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади.

Қанчалар тил билиб, етук ва замонавий кадр бўлиб ҳаётга, меҳнат жараёнига кириб борган ёшларимизни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз, уларни муносиб лавозимларда, муносиб ўринларда ишлашини кафолатлаймиз.

Маълумотимизга кўра, бугунги кунда университетнинг хорижий тиллар йўналиши бўйича таълим олаётган талабаларнинг атиги 10 фоизи Б2 ва С1 сертификатига эга.

Немис ва француз тили таълим йўналишининг бирорта ҳам талабасида С1 сертификати мавжуд эмас.

Университет раҳбарияти бу борада ишларни жонлантириши, халқаро сертификатга эга ўқитувчи ва талабалар улушини ошириш бўйича жиддий иш олиб бориши лозим.

Бешинчидан – келгуси йилда вилоятда барча соҳаларда инновацияларни кенг жорий этиш йили бўлади. Бу борада, етакчи таълим муассасаси сифатида, университет -вилоятнинг илм-фан, билим, инновация, янги ғоялар фабрикаси бўлиши керак.

Азиз талаба ёшлар!

Маълумки, бугунги ҳаёт ҳар биримизнинг олдимизга янгидан-янги талабларни қўймоқда. Нафақат ўз она тилини, балки чет тилларини, камида икки ёки учта тилни билиш, замонавий технологиялар билан ишлаш қобилияти, ўткир фикр ва кенг мушоҳада соҳиби бўлиш талаби устунлик қилмоқда.

Шундай экан, Сизда ҳозир вақт ва имкон ҳамда қулай шарт-шароит бор. Ундан унумли фойдаланиш эса, сизга фақат ютуқ ва муваффақият олиб келади.

Улуғ аллома Ибн Сино ўз ҳикматларида  Инсон узоқ ва мазмунли ҳаёт кечиришини эрта ёшликдан бошламоғи керак, деб ёзади.

Изланиш, ўқиш, доимо юксак марраларни кўзлаб интилишдан асло тўхтаманг! Яратилган имкониятларни чуқур ҳис қилиб, юрт эртаси учун дахлдорлик ҳисси билан ёниб яшаётган навқирон авлод вакилларига албатта, мамнуният билан эзгу ниятларимни билдираман.

Азиз ёшлар! Турли вилоятлардан келиб таҳсил олаётган қадрли талабалар!

Сиз буюк алломалар, уламолар, насафийлар, кешийларга бешик бўлган, соҳибқирон Амир Темурни улғайтирган, қаҳрамон шоир Абдулла Ориповга илҳом берган қутлуғ гўшада таҳсил олмоқдасиз, улар юрган йўллардан юраяпсиз.

Ана шундай буюк зотларга муносиб авлод бўлиш, маррани баланд олиш аҳдингиз ва мақсадингиз бўлсин.

Илмга чанқоқлик, тинимсиз изланиш ва иқтидорни биз ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз. Сизни дўст ва қадрдон билиб, бу йўлда ҳамкор ва ҳамфикр бўлишга чақираман.

Ўзбекистонга муносиб фарзанд бўлиш насиб қилсин.

13-12-2022 |

Янгиликлар









Фото галерея