Жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари "UNICEF" ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Мунир Маммадзаде бошчилигидаги делегация вилоятимизга ташриф буюрди. Ташриф вилоят ҳокими Муротжон Азимов билан расмий учрашувдан бошланди.

Учрашувда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:

- мактабгача таълим қамровини ошириш, мазкур таълим муассасаларини жиҳозлаш ҳисобидан қўшимча ўринлар яратиш;
- мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш;
- болалар тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш, Қарши шаҳридаги Она ва бола тиббиёт кластерига замонавий тиббиёт жиҳозларини олиб келиб, шу ернинг ўзида мураккаб жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш;
- умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, уларнинг биология, физика ва кимё лабораториялари жиҳозлари билан таъминлаш;
- мактабларнинг сув таъминоти ва санитария-гигиена масканларини яхшилаш;
- хорижий тиллар фанлари ўқитувчиларини тил сертификатлари олишга ўқитиш;
- мактаб битирувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш, жумладан, қизларни замонвий касблардан дастурчиликка ўргатиш.

Шунингдек, "UNICEF" ташкилоти билан вилоят ҳокимлиги ўртасида англашув Меморандуми ва йиллик ҳаракатлар режаси имзолашга келишилди.

Делегация жойларда ўрганиш ва учрашувларда иштирок этди. Хусусан, вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида болалар кардиожарроҳлиги, айниқса, туғма юрак пороги билан оғриган болаларга мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоятнинг ўзида ўтказиш, болалар гематологияси ва онкогематологияси бўлимларини жиҳозлаш ҳисобидан бемор болаларга тиббий хизматларни кўрсатиш кўламини ошириш ва тиббиёт мажмуасини замонавий тиббиёт асбоб ускуналари билан жиҳозлаш бўйича ўрганишлар олиб борди.

Бундан ташқари, Қарши шаҳри ва Косон туманидаги мактабгача таълим муассасаларида бўлди.

17-02-2023 |

Янгиликлар









Фото галерея