Автомашиналар иштирокидаги ёнғинлар сони нега ошмоқда?

Автомашиналар иштирокидаги ёнғинлар сони нега ошмоқда?

Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида биргина вилоятимизнинг ўзида транспорт воситалари иштирокида 20 маротаба ёнғин қайд этилган. Бу ушбу турдаги ёнғинлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тўрттага ошганини кўрсатади.

Мисол учун, Чироқчи тумани Чувуллоқ қишлоғида яшовчи Х.Ж. бошқарувидаги "КамАЗ" русумли юк автомобили туманнинг Карамтепа қишлоғида ҳаракатланиб бораётган вақтда ёна бошлаган. Ҳайдовчи ва бошқа кишилар томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида олов ўчирилган, аммо машина жиддий зарарланган.

Қарши шаҳрида яшовчи З.К. ҳам ўзининг "ВАЗ-2109" русумли автомашинасини шаҳарнинг Алишер Навоий маҳалласи ҳудудида тўхтатиб, ўз иши билан кетмоқчи бўлган вақтда машинада ёнғин содир бўлган. Натижада уловнинг мотор қисми ёниб кетган.

Шунингдек, Шаҳрисабз тумани Шанбе қишлоғида яшовчи С.С. "Матиз" русумли машинасида Китоб туманининг Дўрмон қишлоғи ҳудудида ҳаракатланиб бораётган вақтда тўсатдан машина ёна бошлаган. Яхшиямки, бу пайтда ҳайдовчи қочиб қолишга улгурган. Машина эса тўлиқ аланга ичида қолган.

Афсуски, бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Хўш, уларнинг кўпайишига нима сабаб бўлмоқда?

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, автотранспорт воситалари иштирокидаги ёнғинларнинг деярли барчасига машинадаги техник носозликлар, жумладан, 90 фоизига электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган. Шунингдек, содир бўлган ёнғинларнинг аксарияти транспорт воситасининг тўлиқ ёниб кетиши билан якунланган. Бу эса фуқароларнинг ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаси етарли эмаслигини кўрсатади.

Қолаверса, вилоятда ЙПХ ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида ҳар 30 та автомобилдан биттасида талаб қилинган фавқулодда ҳолатларда бирламчи ёнғин ўчиргич (огнетушетил)лар мавжуд эмаслиги, ҳар ўнтадан биттасидаги ёнғин ўчириш воситалари яроқсиз эканлиги маълум бўлган.

Албатта, машинамизда ёнғин содир бўлиши, ҳаётимиз хавф остида қолиши, моддий зарар кўришни ҳеч биримиз истамаймиз. Бироқ, эътиборсизлигимиз шунга сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, ҳайдовчиларимиз ҳам ўз уловларига эътиборли бўлиши, уни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказиб туриши, ҳар куни йўлга чиқиш олдидан машинада носозликлар йўқлигини текшириб, бунга ишонч ҳосил қилганидан сўнггина уни бошқариши лозим.

Соҳибжон ВАЙИТОВ,

вилоят ФВБ ЁХБ катта муҳандиси, катта лейтенант

                                                                                qashqadaryogz.uz  маълумотлари  асосида

  • Телефон: (71) 200-55-05, (75) 221-07-60

  • Почта индекси: 180100

  • Факс: (75) 221-13-40

  • Электрон почта: info@qashqadaryo.uz

  • Манзил: Қашқадарё вилояти,
    Қарши шаҳри, Мустақиллик майдони,1

  • Яқин жамоат транспорт тўхташ жойлари Миллий банк ва Мустақиллик майдони бекати автомашрут: 1,4,5,7,10,18,20,22,23,27,37,44,462,11,21,37,33