Қашқадарёда ОАВда журналистлар томонидан кўтариб чиқилган муаммоли ҳолатларга ўз вақтида муносабат билдирувчи, журналист, блогер ва мутахассислардан иборат 7 кишилик ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ таркиби 23 май куни вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот хизматлари фаолиятига доир давра суҳбатида маълум қилинди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Долли Аллаев бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва хориж оммавий ахборот воситаларида воқеанинг асл моҳиятини тушуниб етмай, мутасаддиларни ёки ҳокимият вакилларини айбдор қилишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турганлигини таъкидлаб, ишчи гуруҳ мана шундай нохолис ахборот берувчиларга ҳам ўз вақтида муносабат билдириши лозимлиги ҳақида таклиф киритди.

Тадбирда сўз олган “Қашқадарё” газетаси бош муҳаррири Камолиддин Каримов матбуот хизмати ходимларининг ахборот беришни пайсалга солишини танқид қилди. “Китоб туманида келган сел ва унинг оқибатлари ҳақида билиш учун Фавқулотда вазиятлар бошқармасининг расмий изоҳини 3 кун кутдик, — дейди Камолиддин Каримов. – Шу 3 кунда берилган жавобни ҳам қайта-қайта сўрайверганимиздан сўнгина, олишга муваффақ бўлдик. Ваҳоланки, бу орада хорижий ОАВларда асосланмаган, тасдиқланмаган, сел талофатларини бўрттириб кўрсатувчи видеолар ҳам тарқалиб улгурди.

Камолиддин Каримовга кўра, хориж ОАВси ёки ижтимоий тармоқларда тарқалаётган асоссиз, бўҳтон хабарларни камайтириш учун матбуот хизматлари “уйғониши керак”.

— Бугунги кунда ахборот оқимини бошқариб бўлмайди, — дейди Камолиддин Каримов. – Асоссиз ва бўҳтон хабарларнинг олдини олиш учун матбуот хизматлари журналистларга аниқ маълумотни тез фурсатда етказиб бериши керак.

Суратларни Мурод Комилов олган 

                                                                Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

24-05-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея