Қайд этиш керакки, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти “инсон – жамият – давлат”, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Айниқса, Конституциявий қонун лойиҳасида жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этишда очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши, шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши мустаҳкамланмоқда.

Умуман олганда, демократик жамият барпо этиш, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган Конституциявий қонун лойиҳаси барча қатори фуқаролик жамияти институтлари томонидан ҳам илиқ кутиб олинди.

Шундай экан, биз нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам эркин ва адолатли фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат қуриш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган ҳолда барчани Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда ва муҳокама жараёнларида фаол бўлишга чорлаймиз.

 

Даврон ШОДМОНОВ

«Юксалиш» ҳаракати Қашқадарё бўлинмаси раҳбари,
вилоят Кенгаши депутати

15-03-2023 |

Янгиликлар









Фото галерея